Ер шарининг иккинчи ярмига назар солсангиз, асосан,Тинч океанини кўрасиз. Бу улкан океан ер куррасининг учдан бир қисмини эгаллаб туради. Мен сизга таништирмоқчи бўлган орол шу океаннинг марказида жойлашган. Унинг қўшнилари шунчалик узоқда-ки , энг яқин деб хисобланган Калифорниягача 4000 км.ча йўл босиш керак. Бу йўл сув ва ҳаво йўли эканлигини тушиниб тургандирсиз, албатта.
Бу жой Ҳавайи (инглизчасига Hawaii) оролларидир. Уларнинг саккизта каттасида одам яшайди, қолган 124 тасида яшамайди. Шунча оролларни ўз ичига олган Ҳавайи юқорида эслатилган харитада битта нуқта бўлиб кўринади. Ўзи кичкина бўлса ҳам, унинг тарихи жуда катта.
Ҳавайида эрамиздан олдинги 6-3 -асрлардан бери одамлар яшаб келганлиги маълум. Инглиз капитани Жеймс Кук биринчи бўлиб 1778 йили келиб қолгандан кейин бу жойлар Европа ва Америкага маълум бўлади. Уларгача оролларнинг ҳар бирида ўзининг қабила бошлиқлари бўлиб, ўзаро муносибатлар қабул қилинган қоида ва урф - одатлар асосида ўрнатилган. Айрим вақтлари улар орасида келишмовчиликлар ҳам чиқиб турган. Кўп ечими қийин масалалар ҳамма жойлардаги каби жанглар орқали ҳал қилинган.
Ҳавайининг географик ўрни давлатлар билан савдо қилишнинг энг афзал йўли эди. Ҳавайига бўлган қизиқиш кучайиб, келувчилар сони кўпаяди. Кўп ўтмай Франция етиб келади. Қандай бўлса ҳам уни ўзига қаратиб олмоқчи бўлади.
Рус империяси ҳам бундай жой борлигини эшитиб тинч ўтиролмай қолади. Япониянинг ҳам қуруқ қолгиси келмас эди. Американинг Ҳавайига бошқаларга кўра яқинлиги ўз таъсирини ўтказишга осонлик яратарди. Улар Ҳавайида шакар қамиш, ананас, кофе, кит овлаш бизнесини ривожлантириб, миллионлаб даромад ола бошлайди.
1810 йилга келиб ороллар қиролликка бирлаштирилади. Юз йил ўтмай қироллик тугатилади.
1959 йилга келиб Ҳавайи Американинг эллигинчи штати деб эълон қилинади.
Ҳавайининг ҳозирги ҳаёти Американинг бошқа штатларидан деярли фарқ қилмайди: шаҳарлардаги ўша- ўша осмонўпар бинолар, юксак даражада ривожланган ҳаёт, дунёга машхур бўлган билим масканлари, ёзувчилари, Камакавивооле Исраел каби музикантлари, Гиннес китобига ёзилган "Ҳавайи Бургути" деб ном олган тезлиги энг катта олов ўчириш машинаси - умуман жуда кўп нарсаси билан Ҳавайи дунёга маълум. Ҳавайида Америкнинг 44-президенти Барак Обама туғилган. (Мен ҳам кўп қатори Обаманинг сайлов кампаниясини кузатиб, унинг ютиб чиқишини жуда хоҳлаган эдим.)
Ҳавайининг океан марказида жойлашгани , табиати ва ҳавоси ҳаммада қизиқиш уйғотади, сайёҳларни ўзига тортади. Ҳозирга келиб Ҳавайи "Сайёрамиздаги жаннат" деган ном олган.
Яхши нарсаларни жаннатга қиёслаш ҳамма миллатларда бор. Уйимизда жаннат осмонда бўлса, унинг пастида Ўзбекистонимиз, агар пастда бўлса,унинг устида Ўзбекистонимиз, деган гап тез-тез айтилар эди. Бу гапни мен ҳам тўғри деб ўйлайман. Аммо Ҳавайининг ердаги жаннат деганларини эшитиб, унга бўлган қизиқишим яна ортди.
Бу жойларни кўриш истагида дўстларим билан Ҳавайи томон йўл олдик. Улар орасида Колифорниядан келган юртдошим Ровшан Шакиров ҳам бор эди. Ровшан юқори малакали мутахассис ва раҳбар ходим. Унинг саёҳатсеварлиги ишига фойда берса беради-ки, халақит бермайди...
Самолёт бизни Ҳавайининг пойтахти-Хоналулига олиб келади. Бу шаҳар Гиннес китобига дунёдаги пойтахтларнинг энг каттаси деб киритилган экан. Биз унинг чиройлик ва катта шаҳарлигини кўрсак ҳам, энг катталигини сезмадик. Кейин билсак, одам яшамайдиган оролларнинг ҳаммаси шаҳар територияси ҳисобланар экан. Американинг бошқа бирон шаҳрида қирол саройини кўрмайсиз. Қироллик бирдан бир Ҳавайида бўлгани учун, бу ерда муҳташам сарой- Иолана қасри сақланиб қолган ва у шаҳар кўркига кўрк қўшиб туради.
Мени қизиқтирган нарса Обама ўқиган мактаб тўғрисида кўпроқ нарса билиш эди. Мен унинг нодавлат мактаб эканлигини эшитган эдим. У Панехау деб аталиб, Ҳавайининг инглиз тилидаги энг отахон , шу билан биргаликда чуқур ва кенг билим берадиган ўқув даргоҳларидан бири экан. (У 1841ташкил этилган.) ҳозирги кунда 3700 бола таълим оларкан. Яна шуниси қизиқки, мактаб ўқувчилари заргарлик, фотосураткашлик, шиша эритиш цехларида ҳам касб ўрганиш имкониятига эга.
Оролнинг Университети ҳам АҚШ даги катта университетлардан. Худди шу Университетда Барак Обаманинг ота-оналари ўқишган ва оила қуришган. Ўшанда 1961 йили Барак Обама туғилган.
Бу ўқув масканларининг талабалари турли миллат вакиллари. Ҳавайининг ўзи эса, асосан, осиёликлардан ташкил топгандек кўринади. Хитойликлар, японлар, филлипинликлар, лекин бошқа миллатларни ҳам учратиш мумкин. Ҳа айтгандай, эсимдан чиқай дебди, Ҳавайида икки тилда гаплашилади: инглиз ва ҳавайи тилларида. Охирги вақтлари ҳавайи тилининг йўқолиб кетиш хавфи туғилгандан кейин унга этибор кучайтирилибди. Бу ерда учинчи норaсмий тил - инглиз, ҳавайи, япон тилларининг аралашмасидан ҳосил бўлган тил ҳам бор экан. Бу тил ҳавайиликларнинг бешикдан ўрганган тили хисобланади. Норасмий она тили билан тенгласам тушинарлироқ бўлса керак.
Ҳавайида томоша қиладиган жойлар билан бир қаторда ҳайрон қоладиган нарсалар ҳам кўп. Ниихау оролида 230 киши яшаркан. Биз у ерга бормадик, чунки орол Рабинзонлар оиласига тегишли бўлиб, (улар оролни ўтган асрнинг бошида сотиб олишган) бормоқчи бўлганларда, уларнинг рухсати бўлиш керак экан.
Яна бир оролга сайёҳлар қўйилмайди. Унда Американинг ҳарбий флоти ва авиациаси жойлашган дейишди. Кейин биз Пёрл- Харбор деган жойга борамиз. Бу ерда Американинг ҳарбий денгиз флотининг катта базаси бўлган. 1941 йили Япония қуролли кучлари бостириб келиб базани ер билан яксон қилган.“Аризона” кемаси чўккан жойда мемориал қурилиб, олдида воқеаларни тасвирловчи музей яратилган. ”Миссури” линкори ўша кунлардан эсдалик бўлиб доимий равишда сувда туради.
Ҳавайининг бизга нотаниш бўлган нарсалари- вулқонлари ва шаршаралари эди. Кичкинагина Ҳавайида бештами олтита вулқон бўлиб , сон саноқсиз( 24 та катта ва 200 дан кўп кичик ) шаршалари бор экан. Мауна-Лоа ва Килауэалар ҳаракатдаги вулқонлар. Уларнинг атрофида одам яшамайди. Аммо туристлар қадами аримайди. Томошага келувчиларга ҳамма шароитлар яратилган бўлиб, йўллар ва вулқонология ходимлари куни тун хизматда.
Мауна -Кеа эса энг каттаси бўлиб уйқудаги вулқон эканлиги айтилди , умрбод ухласин дейман, кўз олдимга отилаётган вулқонни келдириб. Шаршаларни кўриб эса дилинг яйрайди. 660 метрлик энг катта Кахива шаршараси Молокаи оролида жойлашган.
Ҳавайи тропик давлат бўлгани учун ҳаво йил бўйи деярли бир хил дейишди, айрим одами йўқ оролларида қор ҳам ёғиб турсада. Биз февраль ойида борган бўлсак ҳам ҳаво ёздагидек: ҳамма чўмилиб, сёрфингда, қайиқларда сузиб, қуёшда тобланиб юрибди.
Атроф кўм-кўк бўлиб, гуллар очилиб ётибди. Шаршаралар, поёнсиз океан , оролни безаб турган тоғлар... Бундай манзарани оғзаки ёки ёзма тасвирлаш жуда қийин. Уни фақат кўриш керак. Мен ҳам Ҳавайини кўргандан кейин “Сайёрамиздаги жаннат” эканлигига ишондим.
ШЕРЗОД ЖЎРАБОЕВ
Sherzod Juraboev
3 comments:
Sherzod, bu maqolalaringiz biror joyda chop etilganmi yoki faqat shu blogingiz uchun yozasizmi?
@Behzod,
Airimlarini Mash'al radiosida ham eshitirishgan, yaqinda audio ni ham blogga youklaiman. Zamondosh kabi web sitelarda ham chop etilgan.
Ой так интересно, недавно мы с дочкой смотрели фильм ,а тут еще и вы дополнили очень чудесно,спасибо
Post a Comment